"Навбаҳор" саккиз йил орзиқиб кутилган голини "Пахтакор" дарвозасига урди, бироқ яна мағлубиятга учради.
Равшан Ҳайдаров мазкур беллашувда ярим ҳимоячи Дилшод Шарофетдиновни майдонга тушира олмасди. Чунки Дилшод олдинги турда Андижондаги учрашувда тўртинчи сариқ карточкасини олгани туфайли дисквалификацияга учради. Меҳмонлар сафида эса бундай ўйинчилар мавжуд эмасди. Шунингдек, Артур Геворкян ҳам захирада қолдирилди. Унинг ўрнида Элдор Магдеев ўйнади. Шерзодбек Каримов ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Қолган футболчилар борасида Ҳайдаров ўзгаришлар қилмади. "Навбаҳор"га вақтинчалик устозлик қилаётган Сергей Ковшов эса Раҳматилло Бердимуродовни ўйин қайдномасига ҳам киритмади. У ҳам охирги учрашувларда фойдаланиб келаётган шогирдлари хизматидан фойдаланди. Ўринбосарлар сафида ўзини кўрсатиб келаётган Абдумалик Абдуллаевга Ковшов дастлабки дақиқалардан имконият берди.
Ўйин деярли тенг курашлар остида бошланди деб айтиш мумкин. Тўп билан муомала қилиш борасида "Пахтакор"нинг
устунлиги кўзга ташланган бўлса-да, хавфли вазиятларни юзага келтириш борасида биринчи таймнинг биринчи ярмида устунлик меҳмонлар тарафида бўлди. 23-дақиқага қадар Абдуллаевда уч марта ҳисобни очиш учун қулай вазиятлар юзага келди. Дастлабки ҳолатда у тўпга ета олмаган бўлса, кейинги ҳолатларда Темур Жўраев маҳоратини намойиш қилди. Акс ҳолда, ёш ҳужумчи жамоасини олдинга олиб чиқиши мумкин эди. Ўша вазиятларда Абдумаликка бир оз тажриба етишмади. "Шерлар" иштирокидаги кескин вазият эса 26-дақиқада содир бўлди. Одил Аҳмедов жарима майдонига кириб бораётиб тўпни Гейнрихга ошириб, яна ўзи қабул қилиб олди ва дарвоза сари зарба йўллади. Бу ҳолатда Азиз Ашуров тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборишга улгурди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан меҳмонлар жарима майдонида хавфли вазият вужудга келди, лекин бу сафар иш зарба беришгача етиб бормади. Таймнинг қолган вақти "Пахтакор"нинг катта устунлиги остида кечди. Бироқ аниқ зарба бериш бўйича мезбонларнинг кўрсаткичлари яхши бўлгани йўқ. Аксарият вазиятларда зарба
берилмасданоқ ҳужумлар узилиб қолди. Фақат 45-дақиқадагина ҳисоб очилди. Магдеевнинг ўнг қанотдан оширган тўпини Аҳмедов боши билан дарвозага йўллаганда тўп тўсинга тегиб қайтди. Қайтган тўп эса меҳмонлар ҳимоячисига тегиб дарвоза тўрига бориб тушди - 1:0.
Иккинчи бўлимни мезбонлар кетма-кет ҳужумлар уюштириб бошлашди. Натижада тез орада ҳисоб йириклашди. Дастлаб ташкил этилган чиройли комбинацияни Гейнрих самарали якунлади. Орадан 12-13 дақиқа вақт ўтиб, Суюновнинг пасидан кейин Саша тўпни тўхтатмасдан Ашуров қўриқлаётган дарвозага аниқ йўллади. Дарвозабоннинг жон-жаҳди билан тўпга ташланиши фойда бермади.
Шундан кейин "Пахтакор" бир оз хотиржамликка берилди. Бундан фойдаланган меҳмонлар Абдуллаевнинг голи эвазига ҳисобни қисқартиришди. Ўша ҳолатда Абдумалик деярли яккама-якка вазиятда Жўраевни доғда қолдирди. Ўйин охиригача жамоалар юқори темпда ҳаракат қилишмади. Мезбонларни ғалаба қониқтирса, меҳмонларда бунга куч етишмади. Навбатдаги ғалабасига эришган
"Пахтакор" назарий жиҳатдан чемпионлик учун курашда давом этмоқда.
Ўзбекистон олий лигаси, 24-тур
Тошкент, "Пахтакор" стадиони
"ПАХТАКОР" - "НАВБАҲОР" 3:1 (1:0)
"Пахтакор": Т.Жўраев, Суюнов, Миладинович (Геворкян, 86), К.Тожиев, Холмуродов, О.Аҳмедов, Андреев (Шихов, 90), Каримов, Магдеев, Азизов (Козак, 80), Гейнрих.
"Навбаҳор": Ашуров, Денисов, Усмонов, Ғ.Жўраев (А.Султонов, 84), Т.Султонов, Умаралиев, Мамадалиев (А.Аҳмедов, 85), Бойдадаев (Фозилов, 50), Маҳмудов, Сайко, Абдуллаев.
Голлар: Усмонов, 45-авт - 1:0. Гейнрих, 48 - 2:0. Гейнрих, 61 -3:0. Абдуллаев, 76 - 3:1.
Ҳакамлар: И.Худойдотов, А.Миронов, Р.Серазетдинов.
Назоратчи: Г.Имомов.
manba:pakhtakor.uz